Ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларининг фаолияти такомиллаштирилади

2019.04.06 | Янгиликлар

Мамлакатимизда соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш, маънавий-ахлоқий, жисмонан етук, ватанпарвар, миллий анъана ва қадриятларимизга садоқатли ёшларни вояга етказиш, уларни амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг фаол ва жонкуяр иштирокчисига айлантиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларининг ушбу жараёндаги иштироки, шунингдек, жисмоний ва руҳий соғлом шахсни тарбиялаш, болаларда меҳнатсеварлик ва комил инсон бўлишга интилиш туйғусини шакллантиришдаги фаолияти янада такомиллаштирилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига Президентимизнинг “Ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларининг фаолиятини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Мазкур Қарор лойиҳага кўра, вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, алоҳида шароитларда тарбиялаш ва таълим беришга муҳтож бўлган ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш мақсадида Бахт шаҳридаги ўғил болалар махсус коллежи, Қўқон шаҳридаги махсус енгил саноат коллежи, Самарқанд шаҳридаги 64-сонли ўғил болалар мактаб-интернати ва Чиноз туманидаги 5-сонли қиз болалар мактаб-интернатлари фаолиятини тугатган ҳолда уларнинг негизида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузурида Республика ўғил болалар ўқув-тарбия муассасаси ҳамда Республика қиз болалар ўқув-тарбия муассасаси ташкил этилади.

Ташкил этилаётган Республика ўқув-тарбия муассасаларига қуйидагилар:

ижтимоий хавфли қилмишлар содир этган, лекин жиноий жавобгарликка тортиш мумкин бўлган ёшга тўлмаган ёхуд руҳий касаллик билан боғлиқ бўлмаган ҳолда ривожланишда ўз ёшига нисбатан анча орқада қолиши оқибатида содир этган қилмишининг аҳамиятини тўлиқ англаб етишга қодир бўлмаган вояга етмаганлар;

айблилиги тўғрисидаги масала ҳал қилинмай туриб жиноий жавобгарликдан озод қилинган, материаллар вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссияга кўриб чиқиш учун топширилган вояга етмаганлар;

Республика ўқув-тарбия муассасаларига жойлаштириш тариқасидаги мажбурлов чораси қўлланилган ҳолда жиноий жазодан озод қилинган вояга етмаганлар;

якка тартибдаги профилактика иши олиб борилаётганлиги, ички ишлар органларининг вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларининг хулосаси асосида васий ва ҳомий тайинланган, жойлаштиришнинг бошқа шакллари қўлланилган, бироқ ҳуқуқбузарликлар ёки бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир қилишни давом эттирган вояга етмаганлар суд қарори асосида жойлаштирилади;

Қолаверса, жиноят содир этмаган, қаровсиз ва назоратсиз қолган вояга етмаганлар уларнинг хулқ-атвори, психологик портрети, ёши, иқтидори, қобилияти, қизиқишлари ва бошқа омилларни инобатга олган ҳолда туман (шаҳар) ҳокими қарори асосида тегишли вазирлик ва идоралар тасарруфидаги ихтисослаштирилган умумтаълим ёки ўрта махсус муассасаларига жойлаштирилади.

Шунингдек, 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб Республика ўқув-тарбия муассасаларининг раҳбар ходимлари ва тарбиячиларига меҳнатнинг алоҳида шароитлари учун ҳар ойда тўланадиган устама ҳақи лавозим маошининг 100 фоизи миқдорида тўланиши кўзда тутилган.

Қарор лойиҳасида 2019 йил 1 майдан алоҳида шароитларда таъминлаш, тарбиялаш ва таълим беришга муҳтож бўлган вояга етмаганларни Республика ўқув-тарбия муассасалари ёки Ихтисослаштирилган муассасаларга жойлаштиришнинг янги тартиби жорий этилиши ҳам белгиланган.

Аҳамиятлиси, тасарруфида ихтисослаштирилган муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб вояга етмаганлар ишлари бўйича ҳудудий идоралараро комиссиялар тавсияси бўйича қабул қилинган ҳоким қарорига асосан юборилаётган вояга етмаганларни Ихтисослаштирилган муассасаларга истисно тариқасида тест синовларисиз ва қўшимча имтиҳонларсиз қабул қилади. Шу билан бирга ҳар бир вояга етмаганлар учун алоҳида мураббий бириктириш ва унинг таълим-тарбиясини доимий равишда назорат қилиш, Ихтисослаштирилган муассасаларни битиргандан кейин уни иш билан таъминлаш ҳамда ўз тасарруфидаги олий таълим муассасаларига киришига кўмаклашади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси вояга етмаганларни вазирлик ва идоралар тасарруфидаги умумтаълим ёки ўрта-махсус ихтисослаштирилган муассасаларига ҳамда Республика ўқув-тарбия муассасаларига жойлаштириш ҳамда уларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган тартибни тасдиқлайди.

Бундан ташқари, ушбу Қарор лойиҳасида Халқ таълими вазирлиги 2019 йил 1 августга қадар ўқув-тарбия муассасаларининг ўқув дастурларини қайта кўриб чиқиш, уларга жойлаштирилаётган болаларнинг эҳтиёжлари ва муаммолари туридан келиб чиққан ҳолда индивидуал реабилитацион дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда тўгараклар фаолиятини кенгайтириш чораларини кўриш;

Янги ташкил этилаётган Республика ўқув-тарбия муассасалари штатлар жадвалларини тасдиқлаш, ҳар 20 нафар тарбияланувчига бир нафар психолог ва ижтимоий ходим, шунингдек бир нафар шифокор-гинеколог штат бирликларини ажратиш;

тарбияланувчиларда меҳнат кўникмалари ва мустақил ижодий фикрлаш қобилиятларини шакллантириш, уларни касбга йўналтириш ва бўш вақтларини самарали ташкил этиш мақсадида вояга етмаганларнинг Республика ўқув-тарбия муассасасида бўлган давр мобайнида ҳар ҳафтада 1 кун 6 соатдан касбга ўргатиш бўйича амалий меҳнат машғулотлари ўтказилишини таъминлаш каби бир қатор вазифаларни амалга ошириши белгиланган.

Президент қарори лойиҳаси билан https://regulation.gov.uz/uz/document/3008 ушбу ҳавола орқали батафсил танишишингиз мумкин.

Халқ таълими вазирлиги “Ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларининг фаолиятини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Президент қарори лойиҳасини янада такомиллаштириш учун барчани муҳокамаларда фаол иштирок этишини сўрайди. Қарор лойиҳасининг муҳокамаси 2019 йилнинг 18 апрелига қадар давом этади.

Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати

Рўйхатдан ўтиш





Топ Рейтинг НИПС www.uz
100187, Ўзбекистон, Тошкент шаҳри, М.Улуғбек тумани, Буюк ипак йўли кўчаси, 243-уй.
Телефон: (+99871)265-90-92, факс: (+99871)265-90-92 e-mail: uzedu@exat.uz
Вазирлик иш кунлари: душанба-жума(9.00-18.00гача, 13.00-14.00гача тушлик),
дам олиш кунлари: шанба, якшанба ва байрам кунлари.
Матбуот хизмати рақами: (+99871)266-18-53

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

Cайтнинг очиқлик сиёсати

Материалдан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, uzedu.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Вазирлик сайтининг олдинги варианти.

Ҳозир сайтда: 38

Хато кўрсангиз белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.